Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган маросимда сўзлаган нутқидан иқтибослар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқида мамлакатнинг сўнгги 8 йил ичидаги (2016 йил декабрида ўз лавозимига киришганидан кейин) ютуқларини кўрсатувчи кўплаб рақамлар ва фактларни санаб ўтди. Қуйида бу ҳақда иқтибосларни келтирамиз.

Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти 6% дан юқори барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Мамлакат аҳолиси сони ҳар йили ўртача 700−800 мингга кўпаймоқда. Ҳар йили меҳнат бозорига 500−600 минг нафар йигит-қиз кириб келмоқда.

Сўнгги 8 йил ичида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2 баравар ошиб, 2024 йилда 115 млрд АҚШ долларига етди, экспорт ҳажми 26 млрд долларни ташкил этди. Жорий йил якунларига кўра, ЯИМ 130 млрд долларни ташкил этади. Мамлакат тарихида биринчи марта олтин-валюта захиралари 48 млрд доллардан ошди. Қарийб 130 млрд долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди.

2025 йилнинг ўзида 35 млрд долларлик инвестициялар ҳисобига қарийб 9000 та янги корхона, сервис мажмуалари ташкил этилади. 1 сентябрга қадар умумий қиймати 4 млрд доллар бўлган 79 та йирик объект фойдаланишга топширилди.

Ўтган даврда кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 2 баравар ошди. Бугунги кунда ушбу соҳада 10 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилмоқда ва даромад топмоқда.

«Йил бошида 5,5 миллион кишини иш билан таъминлаш бўйича юқори маррани белгилаб олган эдик. 8 ой ичида 5 миллион киши ишга жойлаштирилди».

«Фақатгина жорий йилнинг ўзида хорижда ишлаётган 700 минг нафар фуқаромиз ўтказаётган ислоҳотларимиз самарали эканига ишонч ҳосил қилиб, юртимизга, ўз оилалари бағрига қайтди».

Хорижий туристлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда ва 2024 йили 10 миллиондан ошди, туристик хизматлар экспорти 3 млрд доллардан ортди.

Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатда электр энергияси истеъмолчилари сони 25% га, яъни қўшимча 1,6 миллионга, истеъмол ҳажми эса 54% га, ёки қўшимча 25 миллиард кВт⋅соатга ошди. 2016 йилдан буён ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 59 миллиард кВт⋅соатдан 85 миллиард кВт⋅соатгача ўсди, келгуси йили эса, ҳисоб-китобларга кўра, 97 миллиард кВт⋅соатни ташкил этади.

Фақатгина 2025 йилнинг ўзида 6,5 миллиард кВт⋅соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилди. Унинг умумий ишлаб чиқариш қувватларидаги улуши 30% га етди. 2030 йилгача Ўзбекистон яна 35 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилади ва «яшил» энергия кўрсаткичини 54% га етказади.

Сўнгги саккиз йилда мамлакатда 31 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой, ёки 12 мингга яқин кўп қаватли уй-жойлар қурилди — бу «тарихий натижа». Жорий йилда «Янги Ўзбекистон» массивлари ва бошқа ҳудудларда яна 130 минг хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.

«2030 йилга келиб, бутун дунёда қўлланилаётган „яшил шаҳар“ стандартлари асосида барча шаҳарларимиз кўкаламзорлаштириш даражасини 30% га етказамиз. Шу тариқа, мамлакатимиз барқарор энергия билан таъминланади, экология ва аҳоли саломатлигига етказиладиган зарарли таъсир сезиларли даражада камаяди».

«Ҳамроҳлик» дастури доирасида ота-она қарамоғисиз қолган 11 минг нафар бола таълим, касб-ҳунар ва спорт тизими билан қамраб олинди. Муҳтож оилаларнинг 2,5 миллиондан ортиқ аъзосига 110 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўзида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 19 трлн сўм йўналтирилди.

«Мамлакатда қашшоқлик даражаси 6,8% гача қисқаришига эришдик. Агар 5−6 йил аввал халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда қашшоқлик даражасини тахминан 35% га баҳолаганини инобатга олсак, қисқа фурсатда бу вазифани ҳал этиш йўлида қанчалик катта йўл босиб ўтганимиз аён бўлади».

«Сўнгги саккиз йил ичида хусусий сектор билан биргаликда болалар боғчаларидаги жойлар сонини 2,5 миллионга, қамров даражасини эса 78% га етказдик. Янги мактаблар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобига қўшимча 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди».

Олий таълимда қамров 9% дан 42% га ўсди. Талабаларнинг 53% ини қизлар ташкил этади. Дунёнинг топ-университетларида 2000 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда, уларнинг 750 нафари давлат ҳисобидан «Эл-юрт умиди» фонди орқали ўқийди. 2024 йили Ўзбекистон ёшлари топ-500 университетга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

«Сўнгги йилларда соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағлар ҳажмини 6 баравар оширдик, сифатли тиббий хизматлар маҳалла даражасида ҳам оммалашди. Илгари юқори технологик тиббий хизматлардан фойдаланиш учун одамлар Тошкентга боришга мажбур эди. Энди бундай хизматларнинг 400 дан ортиқ тури бевосита вилоят ва туманларда кўрсатилмоқда».

Мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,1 ёшгача ошди.