
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги етти-саккиз йил ичида сиёсий ирода ва олий даражадаги мулоқот туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Ishonch.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бугун биз инқирозлар ва можаролар кутилмаганда бошланиши мумкин бўлган ва оқибатларини башорат қилиш қийин бўлган дунёда яшаяпмиз. Яқинда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар қандай кескинлашганига гувоҳ бўлдик. Кузатувчилар савол беришди: ядро қуроли қўлланилишигача бормайдими? Бу ўта хавфли сценарий», — деди Комилов.
Яхши қўшничилик муносабатларининг муҳимлиги ҳақида гапирар экан, у нафақат алоқаларни мустаҳкамлаш, балки потенциал таҳдидларнинг олдини олишга ҳам тайёр бўлиш зарурлигини таъкидлади. «Мисол учун, Яқин Шарқдаги вазиятга қаранг — қанча музокаралар, учрашувлар, қанча мамлакат халқаро майдонда иштирок этди, лекин шунга қарамай, ҳар куни у ерда ўнлаб, баъзан юзлаб одамлар ҳалок бўлмоқда», — деди у.
«Узоқ тарихга чуқур кирмасдан айтиш мумкинки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин постсовет ҳудудида бундай йирик қуролли можаро бўлмаган эди. Бугун эса биз кескинлашган дунёда замонавий қуролларнинг барча турлари қўлланилаётганини, ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳалок бўлаётганини кўряпмиз. Савол туғилади: бу тўқнашувлар ва қарама-қаршиликларнинг иштирокчилари кўпинча кимлар бўлади? Кўп ҳолларда — бу қўшни давлатлар», — деди Комилов.
Яқин ўтмишни эслар экан, у Марказий Осиёдаги вазият қандай бўлганини эслатди: «2016—2017 йилларда қўшни давлатлар билан муносабатлар шу қадар кескинлашган эдики, биз ўта хавфли чегарага яқинлашган эдик. Агар ҳаммаси шу руҳда давом этганда эди, қуролли можаро деярли муқаррар эди.»
Комиловнинг сўзларига кўра, айнан шу хавфларни инобатга олган ҳолда, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигининг илк кунлариданоқ Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берган.
«Кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди ва тан олиш керакки, буларга қўшимча равишда биз ўз қўлимиз билан бошқа муаммоларни ҳам яратган эдик. Агар бу масалалар ҳал қилинмаганда эди, оқибатлари фалокатли бўлиши мумкин эди», — деди президентнинг махсус вакили.

2017 йилда, Комилов эслатди, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказишни таклиф қилган эди. Бу ташаббус минтақадаги барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
«Сўнгги олти-етти йил ичида биз кўплаб мураккаб ва нозик масалаларни ҳал қила олдик. 6 та саммит аллақачон бўлиб ўтди, еттинчисини Тошкентда [август ойида] ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу янги даврнинг бошланиши — Марказий Осиё минтақа сифатида бугунги кунда халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида ўзини тобора баланд овозда намоён этмоқда», — дея таъкидлади мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири.