
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга ўрта мактабларнинг 5-11 синфларида фалсафа, технологиялар, инженерия ва математика (STEM) соҳасидаги таълим сифатини оширишни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли қарзни маъқуллади.
Лойиҳа доирасида 138 та тумандаги 200 та мактабда ўқув шароитлари модернизация қилинади, шу жумладан Тошкентдаги 13 та мактаб қўшни мактаблар учун ресурс марказларига айланади, дея хабар берди ОТБ матбуот хизмати.
«Ўрта таълимда фан, технологиялар, инженерия ва математика» лойиҳаси ёшларнинг замонавий инновацион кўникмаларни эгаллашига қаратилган. ОТБнинг доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа: «STEM таълимини мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон инклюзив, барқарор ва жаҳон миқёсида рақобатбардош келажак учун пойдевор қўймоқда», — деди.
Лойиҳа билан мактабларни замонавий лабораториялар, ахборот-коммуникация технологиялари инфраструктураси, санитария ва гигиена, қуёш энергетикаси тизимлари ҳамда ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун инклюзив хоналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, олтита STEM предмети бўйича умуммиллий ўқитувчилар тайёргарлиги ташкил этилади ва таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда STEM фанлараро ўқитишга рағбатлантирилади.
Лойиҳада қизларни STEM соҳасидаги касбларни танлашига ундаш учун мақсадли тарғибот кампаниялари ва касбга оид индивидуал маслаҳат бериш ташаббуслари киритилган.
Лойиҳа тавсифида айтилишича, Ўзбекистонда мактаб таълими қамрови юқори, бироқ ўқитиш сифати ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасида, айниқса, танқидий фикрлаш ва масалаларни ҳал қилиш соҳаларида муаммолар мавжуд. Шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўртасида, шунингдек, алоҳида мактаблар ичида ва улар ўртасида ўқитиш натижаларида фарқ мавжуд.
Лойиҳанинг натижаси сифатида ўзгарувчан меҳнат бозорида муваффақият қозониш имконини берадиган кўникмаларга эга бўлган ёшларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Бундай лойиҳани амалга ошириш режалари 2021 йилда маълум қилинган эди. 2023 йилда экспертлар дастлабки ўрганишларни ўтказиб, барча 200 та мактабга ташриф буюрдилар, шундан сўнг жорий йилнинг 2025 йил 21 октябрида лойиҳа маъқулланди.

