
Давлат хавфсизлик хизмати, божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 20 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилишига чек қўйилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс Оҳангарон туманидаги дала майдонида аввалроқ гиёҳванд курьерлар томонидан яшириб кетилган 4,9 кг «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситасини олаётган вақтида қўлга олинди. ДХХ маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс интернетдаги гиёҳвандлик дўконида «кладмен» (яширувчи) сифатида ишлаган ҳамда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини яширин жойлардан олиш, уларни кичик пакетларга қадоқлаш ва мамлакатнинг турли ҳудудларига етказиб бериш билан шуғулланган.
Бошқа бир ҳолатда ДХХ ходимлари Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида тезкор тадбир ўтказдилар. Тадбир давомида Олмазор туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар учун судланган шахс тўхтатилди. Холислар иштирокида унинг сумкаси кўздан кечирилганда, 9,8 кг гашиш борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.
Яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида қайд этилди. ДХХ ва ички ишлар органларининг ҳамкорликдаги тадбирлари давомида Қарши шаҳрида яшовчи, 1959 йилда туғилган шахснинг уйи кўздан кечирилди. Хонадондан 4,6 кг опий, 380 г гашиш ва 492 г марихуана топилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотига кўра, ушбу моддалар қўшни давлатлардан биридан олиб келинган ва сотиш мақсадида сақланган.
Ҳар уччала ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилди. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.