«Икки-уч йил ичида қурилиш чиқиндилари муаммосини ҳал қиламиз» – Экология вазири Азиз Абдуҳакимов

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги турли турдаги чиқиндиларни йиғиш, жойлаштириш ва қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Озарбайжоннинг Sea Breeze курортида бўлиб ўтган пресс-турда экология вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

«Биз 14 турдаги чиқиндини аниқладик. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Ҳозирда полигонларда ҳамма нарса аралашиб кетган: маиший чиқиндилар, қурилиш чиқиндилари, кимёвий чиқиндилар, тиббиёт чиқиндилари. Бу жуда нотўғри. Ҳозирги мақсадимиз — босқичма-босқич саралаш ва вазиятни нормаллаштириш. Бу бир кунлик иш эмас», — деди вазир.

Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш

Қурилиш чиқиндилари муаммосини ҳал қилиш учун вазирлик Хитой, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва қурилиш жадал олиб борилаётган Европа мамлакатлари тажрибасини ўрганди. Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги қурилиш институтларидан бирининг ректори ХХР тажрибаси асосида қурилиш чиқиндиларини полигонга жойлаштирмасдан қайта ишлаш бўйича таклифлар тайёрламоқда.

Бундан ташқари, вазирлик қурилиш чиқиндиларини хорижий компаниялар билан биргаликда йиғиш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрламоқда.

«Биз қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш тадбиркорлар учун жозибадор бўлишини таъминлашимиз керак. Ҳозирда бу қизиқ эмас, шунинг учун улар қурилиш чиқиндиларини ташлаб кетишмоқда. Бундан ташқари, назорат ҳам йўқ», — дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

Ҳужжатга кўра, қурилиш чиқиндиларини олиб чиқувчи барча компаниялар лицензия олиши шарт. Экология вазирлиги Қурилиш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги олдига қурилиш чиқиндиларини олиб чиқувчи машиналарга GPS-навигаторлар ўрнатиш талабини ҳам қўйди.

«Бу уларга ёқмаслиги мумкин, аммо биз техника қаерга боришини назорат қилиш учун буни талаб қиламиз. Биз радикал таклифлар ҳам бердик: агар қурилиш ташкилоти қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиш компанияси билан шартнома тузмаса, лойиҳа тўхтатилади. Яъни, биз ушбу шартларга риоя қилмасдан лойиҳа ҳужжатларини тасдиқламасликни таклиф қиламиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Бундан ташқари, вазирлик ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажми бўйича нормативларни ишлаб чиқмоқда. Комплекс чора-тадбирлар чиқиндиларнинг полигонга ёки қайта ишлаш заводига юборилганлигини ҳисобга олиш, назорат ва мониторинг тизимини йўлга қўйиш имконини беради.

«Бир томондан, биз тадбиркорлар учун шароит яратамиз, буни жозибадор бизнесга айлантирамиз. Бошқа томондан, бу мониторинг тизимини қаттиқроқ, жиддийроқ қилишимиз керак. Тизим энди шаклланмоқда, аммо у йўлга қўйилгач, унинг ёрдамида кўплаб масалаларни ҳал қилиш мумкин бўлади. Ўйлайманки, биз 2-3 йил ичида қурилиш чиқиндилари муаммосини ҳал қилиш тизимини яратамиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.