
Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган хом ашё божхона божлари ва ҚҚСдан озод этилиши, солиқлар эса фақат тайёр маҳсулот сотилганда тўланишини назарда тутувчи механизм жорий этилади. Ушбу ташаббус 2026 йил 28 март куни озиқ-овқат ва қандолатчилик соҳаси тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувда эълон қилинди.
Импорт ишлаб чиқаришдан кўра фойдалироқ
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус тадбиркорларнинг мурожаатларига жавоб сифатида ишлаб чиқилган. Президент тайёр маҳсулот тарифларини ўзгартирмаган ҳолда, айнан қайси компонент ва ускуналарни божлардан озод қилиш мумкинлигини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.
Унинг сўзларига кўра, гап «тариф инверсияси», яъни импорт хом ашёси ва бутловчи қисмлар учун божхона божлари тайёр импорт маҳсулотиникидан юқори бўлган тизимли номутаносибликни бартараф этиш ҳақида бормоқда. Бу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда таннарх ошишига, рақобатбардошлик пасайишига ва ишлаб чиқаришни иқтисодий жиҳатдан зарарли қилиб қўйишига олиб келаётган эди.
Мисол тариқасида шоколад ишлаб чиқариш келтирилди. Таҳлилларга кўра, ингредиентларга қўйилган божлар туфайли маҳаллий шоколад таннархи 57 минг сўмни ташкил этса, импорт аналоги бозорга 50 минг сўмдан кириб келмоқда. Натижада талабнинг 83 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда. Шакар бўйича ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда — эҳтиёжнинг фақат 17 фоизи ички ишлаб чиқариш ҳисобига таъминланяпти.
Қандолат маҳсулотлари импорти ортиб бормоқда
2022 йилда импорт 86 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 133 минг тоннага етди. Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан божсиз меъёрлар доирасида кунига ўртача 30 тонна (йилига 11 минг тонна) маҳсулот олиб кирилмоқда. Маҳаллий корхоналар йилига камида 100 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлса-да, хом ашёнинг 30-50 фоизи импорт ингредиентларидан иборатлиги таннархга таъсир қилмоқда.
Ҳукумат нималарни таклиф қилмоқда
Президентнинг 2025 йил 17 декабрдаги фармонига (ПФ-250) мувофиқ, ЖСТ бўйича идоралараро комиссия ички бозорга йўналтириладиган маҳсулотлар учун «божхона ҳудудида қайта ишлаш» (51-режим) режимини қўллашга рухсат бериш ҳуқуқини олди.
Тизим қандай ишлайди:
- Божларни ноллаштириш: Хом ашё (масалан, шакар, какао) олиб кирилаётганда божлар ундирилмайди.
- ҚҚСни кечиктириш: Қўшилган қиймат солиғи олиб киришда тўланмайди, у фақат тайёр маҳсулот харидорга сотилганда бир марта тўланади.
- Тарифларни уйғунлаштириш: Агар ишлаб чиқарувчи товарни ички бозорга чиқарса, у хом ашё учун эмас, балки тайёр маҳсулот учун белгиланган ставка бўйича бож тўлайди. Агар тайёр импорт шоколадга бож 0% бўлса, ишлаб чиқарувчи ҳам унда ишлатилган импорт хом ашёси учун 0% тўлайди.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ушбу механизм маҳсулот таннархини 18 фоизгача камайтириш имконини беради.
Эксперимент учун товарлар рўйхати
Биринчи босқичда маҳаллий ингредиентлар мавжуд бўлмаган ёки суст ривожланган 15 турдаги маҳсулот экспериментал рўйхатга киритилди:
- электр скутерлар;
- ногиронлар аравачалари;
- кунгабоқар ёғи;
- мармеладлар;
- карамель ширинликлари;
- шоколад;
- болалар озуқаси;
- тез тайёрланувчи лапша;
- пряник ва печеньелар;
- вафли;
- пироглар;
- кекслар;
- жем ва мураббо;
- консерваланган қулупнай;
- таркибида шакар бўлган ичимликлар.
Назорат тизими қандай бўлади
Ушбу режим «ишонч асосида» тақдим этилса-да, у қатъий рақамли назорат қилинади. Тадбиркор калькуляция ва техник-иқтисодий асосларни тақдим этади, божхона органлари эса ҳар уч ойда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда мониторинг ва текширувлар ўтказади.
Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов огоҳлантиришича, агар хом ашё бошқа шахсларга қайта сотилса ёки мақсадсиз ишлатилса, корхона ушбу режимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Яқин вақт ичида бизнес сўровларига асосан яна камида 6 тоифадаги маҳсулотни рўйхатга қўшиш режалаштирилган.