
Ўзбекистоннинг 3 ҳудудида бир неча йил давомида гиёҳванд моддаларни тарқатиш билан шуғулланган трансчегаравий уюшган наркогуруҳнинг тахмин қилинаётган аъзолари қўлга олинди, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, ДХХ ва Божхона қўмитасининг қўшма операцияси давомида жами 111 кг гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 81 кг гашиш ва 30 кг опий олиб қўйилди.
Операция доирасида Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида гуруҳнинг олти нафар аъзоси ҳибсга олинди.
2025 йил 13 сентябрь куни Фарғона вилояти фуқароси гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётган вақтда қўлга олинди.
Андижон вилоятида икки нафар гумонланувчи яширин жойдан 10 кг гашишни чиқариб олаётган пайтда ушланди.
Андижон вилоятида яшовчи гуруҳнинг икки аъзоси кафеда 1 кг опийни 6000 АҚШ долларига сотиб олаётган вақтда қўлга олинди.
Ангренда аввал уч марта судланган бир эркак 5 кг опийни қабул қилиб олаётган пайтда ушланди.
Жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гуруҳнинг қолган тахмин қилинаётган аъзоларини қўлга олиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда.