
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи фуқарога АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Венесуэла президенти Николас Мадуро ўғирлаб кетилгани ҳақида «102» рақамига ёлғон хабар бергани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (1,236 млн сўм) миқдорида жарима тайинланди.
Сўзлашув ёзуви яқин кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда 37 ёшли эркак «Оқ уйда яшайдиган» Дональд Трампга нисбатан «чора кўришни» сўрайди.
Иш 2026 йил 7 январь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан кўриб чиқилди. Суд қарорида айтилишича, қўнғироқ бир кун аввал пойтахтда амалга оширилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ички ишлар органлари вакиллари ишни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг учта моддаси — 183-модда (майда безорилик), 194-модданинг 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик — эркак ИИБга боришдан бош тортган) ва 199-модда (махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш) билан малакалашган.
Судда эркак (илгари маъмурий жавобгарликка тортилган) маст ҳолатда бўлгани ва ИИБга мурожаат қилганини эслай олмаслигини тан олди. У қилган ишидан пушаймонлигини, оқибатларини англамаганлигини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
Судья Ф. Пўлатов раислигида ўтган суд эркакнинг ҳаракатлари дастлабки икки модда бўйича нотўғри малакаланган деган хулосага келди. Хусусан, унинг ҳаракатларида жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга шилқимлик қилиш ёки жамоат тартибини бузувчи бошқа ҳаракатлар каби майда безорилик белгилари аниқланмади. Шунингдек, ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик ҳолати ҳам тасдиқланмади. 199-модда бўйича эса эркакнинг айби тасдиқланди.
Жарима тайинлашда суд ҳуқуқбузарнинг шахси ва ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, шунингдек, «уни қонунларга риоя қилиш ва ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, янги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш» мақсадларини ҳисобга олди.
АҚШ 3 январга ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасга зарбалар берди, бунинг натижасида президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси қўлга олиниб, АҚШга олиб кетилди ва у ерда суд олдида жавоб берди.

