Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Юнусобод туманидаги High Town City мажмуасига ташрифи давомида президентга жамоат транспортини ривожлантириш, жумладан, метро тармоғини кенгайтириш лойиҳалари тақдим этилди.
«Маълумки, аввалроқ Тошкент метросини Тошкент трактор заводигача узайтириш режалаштирилган эди. Давлат раҳбари аввал тақдим этилган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, муқобил вариантлар таклиф этишни топширди», — дейилади хабарда.
Тайёрланган янги лойиҳага мувофиқ, «Буюк ипак йўли» бекатидан Тошкент трактор заводигача 10 та бекат барпо этилади. Бу йўналиш 30 та маҳаллани қамраб олади ва 148 минг нафар аҳолини транспорт билан таъминлайди, деб қайд этди президент матбуот хизмати.
Бироз ўтиб, Транспорт вазирлиги ушбу йўналиш «Пушкин» бекатидан (бир бекат олдин) бошланишини аниқлаштирди.
Президент матбуот хизмати ҳам ўз хабарини янгилаб, янги метро йўналиши «Пушкин» ёки «Буюк ипак йўли» бекатидан бошланиши мумкинлигини билдирди. Кейинроқ эса хабар яна бир бор ўзгартирилиб, Чилонзор метро йўналиши ТТЗгача узайтирилиши ҳақида маълум қилинди.
Метрони ТТЗ массивигача узайтириш лойиҳаси
Чилонзор метро йўналишини ТТЗ массивигача узайтириш режалари илк бор 2020 йил декабрь ойида тақдим этилган эди. Ўша вақтда лойиҳа 7,9 км узунликдаги йўналишни кўзда тутган бўлиб, тўртта бекатни ўз ичига олган. Бу орқали йўловчилар сони кунига 50 минг нафарга ошиши кутилган.
Президентга тақдимот чоғида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов туннель қазиш ишлари учун Германияда ишлаб чиқарилган махсус машина мавжудлигини эслатиб ўтган.
«Бизнинг аввалдан белгиланган йўналишимиз бор… „Буюк ипак йўли“ бекатидан ТТЗ массивигача. Йўналиш Буюк ипак йўли кўчаси, Марказий поликлиника №1 орқали ўтади, у ерда бино бузишга ҳожат йўқ. Кейин эса ТТЗ чорраҳасидан ўтиб, охирги бекатгача етиб боради… Шу жойдан электропоезд Бўстонлиқ туманига йўл олади, шунингдек, Қибрай ва Чирчиқ аҳолиси „Буюк ипак йўли“ бекатига келади. Бу ерда жуда катта тиғизлик ҳосил бўлган. Шунинг учун (ТТЗ бекатида) йўловчилар алмашиш нуқтасини ташкил қилишни режалаштиряпмиз», — деган вазир.
Бош вазир Абдулла Арипов шундай қўшимча қилган: «Биз метрони электричка тизими билан боғламоқдамиз, бу орқали барча Бўстонлиқ туманига йўл олади. Сиз томонингиздан харид қилинган немис тоннель қазиш тизими ишга туширилиши керак».
Шавкат Мирзиёев ҳукумат лойиҳанинг самарадорлиги, сифатли бажарилиши ва таннархига ишонтира олиши кераклигини таъкидлаб, шундан сўнг молиялаштириш масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини айтган. У бу ҳудудни яхши билишини қайд этган.
«Мен у ердаги ерости ва ерюзаси шароитларини биламан. Лекин бу лойиҳа бизга жуда керак. У ерда яшовчи одамлар жуда қийин аҳволда, бу ерда тирбандлик йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, шанба ва якшанба кунлари ҳаракатланиш деярли имконсиз», — деган президент.
Шунингдек, президент бош вазирдан яна бир бор таҳлил ўтказиб, метрони ерости ёки ер усти орқали қуришнинг мақбул вариантларини аниқлашни сўраган.
2021 йилда ҳукумат ушбу лойиҳага қайта мурожаат қилган. Ўшанда «Буюк ипак йўли» бекатидан ТТЗ массивигача ерости метро йўналишини қуриш таклиф қилинган.
Лойиҳа бўйича икки вариант ўрганилган:
— Мирзо Улуғбек кўчаси орқали ўтувчи ерости йўналишининг узунлиги 8,6 км бўлиб, кунига 62 минг йўловчини ташиш имкониятига эга бўлиши керак эди;
— Буюк ипак йўли кўчаси орқали ўтувчи ерости йўналиши эса 8 км бўлиб, кунига 55 минг йўловчини ташиши мўлжалланган эди.
Қурилиш ишлари тахминан беш йил давом этиши айтилган.
Давлат раҳбари ўша вақтда лойиҳаларни қулайлик, хавфсизлик ва сифат нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган.