Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 27/02/2026

BMW бошқарган 10-синф ўқувчиси ЙПХ ходимини уриб юборди. Адлия вазирлиги пойгалар учун жазо жорий этиш режалари ҳақида хабар берди

Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган мактаб ўқувчиси BMW M4 автомобилида Йўл-патруль хизмати ходимини уриб юборди. Инспектор оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса чоршанба куни соат 21:45 атрофида пойтахт марказидаги Нукус кўчасида содир бўлган. Ҳодиса акс этган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Уриб юбориш лаҳзаси автомобиль салонидан олинган видеога муҳрланган.

Видеода олдинда бошқа машина кетаётган автомобиль кескин чапга бўлак ўзгартиргани ва инспекторни уриб юборгани кўринади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси хабар беришича, жабрланган ИИО ходимига рация орқали кўчада қоидабузарлик билан ҳаракатланаётган автомобиль ҳақида хабар берилган. У машинани тўхтатиш чораларини кўрмоқчи бўлганида уни уриб юборишган.

Турли каналлар ушбу машина аввалроқ интернетда тарқалган, қимматбаҳо автомобиллар тунги вақтда пойтахт кўчаларида дрифт тушаётгани, хавфли манёврлар ва бошқа қўпол йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этаётгани акс этган бир нечта видеоларда кўринган бўлиши мумкинлигини ёзишмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳайот Шамсутдинов автомобиль рулида 16 ёшли 10-синф ўқувчиси бўлганини тасдиқлади.

Кейинроқ у Жиноят кодексининг 266-моддаси — ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлиш билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу жиноят учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Шу куни ЙҲҚни бузиш, жумладан, ҳалокатга учраган BMW M4 билан бирга тушиб қолган кулранг BMW X5 автомобилининг эвакуаторда олиб кетилаётгани акс этган видео ҳам пайдо бўлди. Роликдаги ЙПХ ходими автомобилни гувоҳномасиз ва давлат рақамисиз бошқаришганини айтмоқда.

Расмий хабарларда BMW M4 рулидаги мактаб ўқувчиси кўчадаги пойга иштирокчиси бўлгани айтилмаган. Бироқ жамоатчиликнинг ЙҲҚ бузилгани учун жазони кучайтириш ҳақидаги навбатдаги чақириқлари ортидан расмий органлар ҳам бундай режалар борлиги ҳақида баёнот беришди.

Шаҳар кўчаларидаги пойгалар учун жазони кучайтириш режалари

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, 2026 йил 17 февраль куниёқ ноқонуний пойгалар учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси идоралараро келишиш учун юборилган. Яқин орада у жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши керак.

Лойиҳада ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ва уларда қатнашиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Хабарда, шунингдек, бу каби ҳаракатлар одамлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши ва оғир оқибатларга, жумладан, ўлим ҳолатларига олиб келиши таъкидланган.

Қайд этиш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 128-10-модда «Йўл безорилиги» мавжуд. У роппа-роса бир йил олдин жорий этилган эди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳайот Шамсутдинов шундай деб ёзди: «Сўнгги вақтларда мен ҳам, бошқа фуқаролар каби, Тошкент шаҳрида соат 22:00 дан кейин баъзи шахслар авто ва мототранспорт воситаларини белгиланган тезликдан сезиларли даражада ошириб бошқараётганига ёки ўзаро пойга уюштираётганига гувоҳ бўлмоқдаман».

«Бу каби ҳолатлар шовқин даражасининг ошишига олиб келади ва йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигига таҳдид солади. Бундай ҳаракатлар жамоат тартибини ва тунги вақтда фуқароларнинг осойишталигини бузади, шунингдек, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф туғдиради», — деб қайд этди.

Бош прокуратура вакили тегишли хизматлар томонидан ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди. У фуқароларни қонунчилик ва ЙҲҚ талабларига риоя қилишга ҳамда аҳоли тинчлигини ҳурмат қилишга, қоидабузарликлар ҳақида эса ваколатли органларга хабар беришга чақирди.