
Давлат мактабларининг 1-синфига 2025-2026 ўқув йили учун қабул 20 июндан бошланади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қабул тартибини эслатди.
Низомга мувофиқ, мактабга қабул жараёни икки босқичда ўтади:
- 1-босқич: 20 июндан 31 июлгача — микроҳудуд доирасида;
- 2-босқич: 1 августдан 15 августгача — бошқа микроҳудудлардан.
Қатор туман (шаҳар)ларда қабул электрон шаклда интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
20 июндан бошлаб ота-оналар my.maktab.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари ва ариза топширишлари мумкин.
Электрон қабул мавжуд бўлмаган туманларда, 1-синфга қабул қилинган болалар мактабларнинг масъул ходимлари томонидан вазирликнинг электрон тизимига киритилади.
Вазирлик томонидан эълон қилинган видеоқўлланмада (қуйида қаранг) боланинг қайси мактабга бириктирилганлигини аниқлаш кўрсатилган.
Мактабга қабул қилиш ёши
“Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, мактабга 7 ёшга тўладиган йилда болалар қабул қилинади.
Шундай қилиб, жорий йилда 1-синфга 2018 йил 31 декабрдан кечиктирмай туғилган болалар қабул қилинади.
Электрон қабул жараёни ҳақида қўшимча маълумотларни вазирликнинг Call-марказининг 71−203−07−04, 71−203−04−03 телефон рақамлари орқали ёки @Mymaktab_uz Telegram-канали орқали олиш мумкин.