2025 йил 1 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, солиққа тортиш мақсадида ҚҚС тўлашга мажбурловчи 1 млрд сўмлик йиллик айланма ҳажмини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмаган.
2019 йил 1 январдан бошлаб йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ошадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга мажбур. Шу пайтгача 6 йил ўтганига қарамай, белгиланган чек инфляцияни ҳисобга олган ҳолда индексация қилинмаган. Мубин Мирзаевдан ҳукумат ушбу чегарани қайта кўриб чиқишни кўриб чиқяптими, деган савол берилди.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, ўз вақтида юқори чек белгиланган ва ўрта муддатли даврда уни ўзгартириш режалаштирилмаган.
«2019 йили янги солиқ концепцияси ишлаб чиқилаётганда, юқори чегара назарда тутилган. Турли вариантлар кўриб чиқилган: 100 млн, 300 млн, 500 млн ва 1 млрд сўм. Биз бизнесга қийинчилик туғдирмаслик учун энг юқори чекни — 1 млрд сўмни танладик ва камида 5−6 йил давомида уни ўзгартирмаслик режалаштирилган эди. Ўша пайтда 1 млрд сўм валюта курсида 125 минг АҚШ долларини ташкил қилган. Халқаро тажрибани ўрганганда, деярли ҳеч бир мамлакатда ҚҚС бўйича чегара 125 минг доллар белгиланмаган — асосан 30, 50, максимум 60−70 минг доллар эди. Шунинг учун биз юқори чегарани танлаганмиз — ҚҚС билан ишлашга тадбиркорлар ўрганишлари учун», — деди у.
Унинг таъкидлашича, 500 млн сўмгача тушириш таклифлари келиб тушмоқда, аммо Солиқ қўмитаси 1 млрд сўмни солиқ маъмурияти нуқтаи назаридан оптимал сумма деб ҳисоблайди.
«Биз солиқ тўловчилар билан айни чегара асосида ишлаш тизимини яратиб бўлдик ва солиқ тизими унга мослашган. Менимча, чегарани пасайтириш тўғри эмас, лекин уни ошириш ҳам шарт эмас. Чунки бизнес бу чегара доирасида ишлашга мослашиб улгурган ва бу уларга жиддий юк бўлмаяпти. Ахир ҚҚС — бу компания эмас, балки истеъмолчи томонидан тўланадиган солиқ. У корхонага фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайди. Агар компания ҚҚС моҳиятини тўғри тушунса ва ҳужжатларини тўғри юритса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди», — деди Мубин Мирзаев.
2022 йилда ҳам ушбу чегарани қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинган эди, аммо охир-оқибат бу ғоядан воз кечилган.
2019 йил 1 январдан бошлаб, ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 1 млрд сўмдан ошган ёки шу йил ичида белгиланган чегарага етган корхоналар белгиланган солиқлар — яъни ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказилади. Бу чегарагача бўлган тадбиркорлар айланма суммасидан солиқларни тўлашлари мумкин.
2018 йил 29 июнда қабул қилинган Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига (ПФ-5468) кўра, белгиланган йиллик айланма (тушум) чегараси ҳар 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилиши керак эди.