
2025 йил 1 июндан Ўзбекистонда қатор қонунчиликдаги ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга киради. Шарҳ “Газета.uz”, Адлия вазирлиги ва Lex.uz материаллари асосида тайёрланди.
Йўлларни таъмирлаш ва чизиқларни чизиш кундузи ва кечқурун тақиқланади
Шаҳар кўчаларида соат 7:00 дан 21:00 гача (дам олиш кунлари ҳамда кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) йўлларни таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш ишларини олиб бориш тақиқланади. Ишлар фақатгина тунда – йўлларда ҳаракат минимал бўлган соатларда амалга оширилади.
Йўл чизиғини босиб ўтиш камералар томонидан қайд этилмайди
Йўл чизиқларини босиб ўтиш билан боғлиқ қоидабузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида қайд этиш тақиқланади. Тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) бундан мустасно. Бироқ, бундай қоидабузарлик ЙПХ ходими томонидан аниқланса, у белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари тизими ишга туширилади
2025 йил 1 июндан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга туширилади. Тизим ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона ахборот тизимидаги E-jarimaball модули орқали ишлайди.
Биринчи босқичда янгилик фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан маъмурий баённомалар асосида қайд этилган қоидабузарликларга тааллуқли бўлади. Келажакда ҳайдовчи шахсини идентификациялаш технологияси жорий этилгандан сўнг, тизимни камералар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарликларга ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Хорижликлар учун “олтин визалар” жорий этилади
Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун беш йил муддатга яшаш гувоҳномасини соддалаштирилган тартибда олиш жорий этилади. Ҳужжатни олиш учун аризачи 250 минг доллар, шунингдек, ҳар бир оила аъзоси – турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-оналари учун 150 минг доллардан тўлаши керак.
Янги қурилган биноларга қуёш панеллари ва сув иситгичлар ўрнатилиши шарт бўлади
Биноларни қуриш ва реконструкция қилишда лойиҳа ҳужжатларига энергия тежовчи ускуналар, муқобил иситиш тизимлари (иссиқлик насослари, гелиоколлекторлар) ва қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш панеллари ва б.) мосламаларини ўз эҳтиёжлари учун мажбурий ўрнатиш талаблари киритилиши керак. Бундан ташқари, марказлашган иссиқлик таъминоти ёпиқ тизимга ўтказила бошланади.
Чет элга чиқувчи юк машиналари учун электрон навбат тизими жорий этилади
Ўзбекистоннинг давлат чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктларида мамлакатни тарк этаётган юк транспорт воситалари учун электрон навбат тизими ишга туширилади. Бу чегарадан ўтиш вақтини тезлаштириши ва юк ташувларини ошириши керак.
Яна уч давлат учун визасиз режим жорий этилади
Баҳрайн, Қувайт ва Уммон фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади.
Ёш олимларга уй сотиб олиш учун фоизсиз қарз ажратилади
Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг топ-100 талигига киритилган хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй сотиб олиш учун уй жойлашган ҳудудга қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2150 бараваригача фоизсиз қарз 10 йил муддатга ажратилади.
Нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдори беш баравар оширилади.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури ишга туширилади
Бошқаларнинг парваришига муҳтож бўлган вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади. Беш турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади:
- уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам;
- уй шароитида парвариш;
- тиббий-ижтимоий реабилитация;
- кундузги ташриф шаклида парвариш;
- индивидуал ёрдамчи.
Камбағал оилаларга давлат хизматларида чегирмалар тақдим этилади
Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар учун имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади (улар уч тоифага бўлинади – “қизил”, “сариқ” ва “яшил”).
Давлат хизматлари учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50%, “қизил” тоифага киритилганларга эса 75% чегирмалар қўлланилади. “Қизил” тоифага киритилган оилалардан “аъло” баҳоларга ўқиётган талаба қизларга базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.
Тадбиркорлар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олганлик учун 50 млн сўмгача субсидия олади
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга 50 млн сўмгача субсидия ажратилади. Бунда субсидия сурдотаржимон, психолог жалб қилиш ва ҳамроҳлик қилиш харажатларини қоплаш мақсадида тўланади. Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳамроҳлик хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.