Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ҳеч ким бизга кредит бермасди». Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда авваллари нега бюджет профицити бўлганини тушунтирди

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йил 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида, 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинаётганда, бюджет тақчиллиги динамикаси, ташқи қарз олиш ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозларига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, тақчилликнинг номинал ифодада ўсиши ўз-ўзидан вазиятнинг ёмонлашганини кўрсатмайди.

«Бюджет тақчиллиги номинал ифодада ўсмоқда. Аммо бюджет тақчиллиги ҳақида умумий гапирадиган бўлсак, унинг номинал кўрсаткичининг ўсиши реал манзарани акс эттирмайди», — дея таъкидлади Қўчқоров.

Вазир тақчилликни ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбабатан фоизда, яъни иқтисодиёт ҳажмига нисбатан баҳолаш кераклигини таъкидлади.

«Агар 2023 йилда тақчиллик ЯИМнинг 5 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йилда, дейлик, 59 трлн ёки 69 трлн сўмга тенг бўлса ҳам, кўринишдан каттароқ туюлиши мумкин. Бироқ, ЯИМга нисбатан ифодаланган кўрсаткичгина реал баҳони беради», — деди.

Қўчқоровнинг сўзларига кўра, иқтисодиётда яратилаётган ва бюджетга йўналтирилаётган қиймат улушини ҳисобга олиш муҳим.

«Номинал тақчиллик 59 трлн сўмни ташкил этса ҳам, бу кўрсаткичнинг ўзи ҳеч нарса демайди. Агар биз бу 59 трлнни ЯИМ билан солиштирсак… айнан шу улуш тақчилликнинг реал даражасини кўрсатади», — дея тушунтирди.

Вазир тақчиллик тўғридан-тўғри қарз олиш зарурияти билан боғлиқлигини эслатди.

«Агар биз топганимиздан кўпроқ сарфласак, кимдандир ёки банклардан қарз олишга мажбур бўламиз», — деди.

Қўчқоров ҳукумат ташқи қарз олиш чегарасини қисқартиришни режалаштираётганини маълум қилди.

«Биз ташқи қарз бўйича лимитни пасайтиришни таклиф қиламиз: агар жорий йилда у 5,5 млрд долларни ташкил этган бўлса, келгуси йил учун — 5 млрд», — деди.

«Ўтган йиллардаги профицит — самарадорлик кўрсаткичи эмас»

Вазир Ўзбекистонда узоқ йиллар бюджет профицити (даромадлар харажатлардан ошган) кузатилганини эслатди, бироқ бу тўғри бюджет сиёсатининг натижаси эмас, балки кредитлардан фойдаланиш имконияти йўқлигининг оқибати бўлган.

«Бу яхши эдими? Бу соҳада ишлаган одам сифатида жавоб беришга мажбурман: йўқ. Ўша профицитнинг сабаби, тақчилликни молиялаштириш учун ҳеч ким бизга кредит бермаганлигида эди. Мен буни расман айта оламан: ҳеч ким», — деди.

Унинг сўзларига кўра, ўша йилларда «ислоҳотлар бўлмаган, сўм эркин конвертация қилинмасди, солиқ сиёсати бутунлай бошқача эди», шунинг учун халқаро кредиторлар маблағ ажратмаган.

Оптимал тақчиллик — ЯИМнинг 3%

Қўчқоров миллий иқтисодий сиёсат ва халқаро молия ташкилотлари экспертлари оптимал тақчиллик даражаси ЯИМнинг 3% атрофида бўлиши керак, деган фикрга қўшилишини таъкидлади.

«У давлат қарзининг ўртача ўсишини таъминлайди ва давлатнинг дефолт ёки банкротлигига олиб келмайди», — дея қайд этди.

Вазирнинг қўшимча қилишича, тақчиллик фақат иқтисодий ўсиш шароитида ўзини оқлайди. «Агар биз маблағ олиб, уни иқтисодиётга киритсак-у, у ўсмаса — бу нотўғри», — деди.

Қўчқоров сўнгги йиллардаги ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаганини таъкидлади.

«Президент раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиёт ҳар йили юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Бу йил ўсиш камида 7% ни ташкил этади», — деди.

Шунингдек, у халқаро ташкилотлар прогнозларига ҳам мурожаат қилди.

«Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 7,3% даражасида прогноз қилмоқда. Бундай маълумотлар эълон қилингандан сўнг, уларни биринчи бўлиб рейтинг агентликлари, сўнгра инвестиция банклари ва инвесторлар ўқийди», — деди вазир.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи (корпоратив сектор қарзини ҳисобга олмаганда) 2025 йил 1 октябрь ҳолатига қарийб 44 млрд долларга (ЯИМга нисбатан 32,3%) етди, бу йил бошидан буён қарийб 3,8 млрд долларга ошган. Ўсиш суръатлари секинлашган: агар биринчи чоракда бу кўрсаткич 5,9%, иккинчи чоракда — 2,1% ўсган бўлса, учинчи чоракда ўсиш атиги 1,1% ни ташкил этди.

Жамшид Қўчқоров 2025 йил июнь ойида иқтисодиётнинг ўсиши инвестицияларни талаб қилишини ва харажатларнинг бир қисми ташқи қарз ҳисобидан қопланишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, қарз ўртача даражада қолиб, инфратузилма, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. «Бунда уятли ва муаммоли ҳеч нарса йўқ», — деди.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов ҳам аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи қарз олиши бюджет тақчиллиги билан бевосита боғлиқлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ташқи қарзнинг мутлақ суммаси ўсишига қарамай, унинг ЯИМдаги улуши камаймоқда.

2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аввалроқ 2026 йил учун солиқ сиёсати лойиҳасини тақдим этган эди: базавий ставкалар сақланиб қолади, алкоголь, тамаки ва ширин ичимликлар учун акциз солиқлари оширилади, чипсларга солиқ жорий этилади ва маркетплейслар учун ставкалар кўтарилади. Ҳисобот беришни соддалаштириш ва кичик бизнес учун енгилликлар режалаштирилган.

Давлат бюджети лойиҳасига кўра, 2026 йилда ЯИМ ўсиши 6,6% даражасида прогноз қилинмоқда. Бу кўрсаткич саноат ишлаб чиқаришининг 6,4%, қишлоқ хўжалигининг — 4,2%, бозор хизматлари секторининг — 14,5% ўсиши ҳисобига таъминланиши кутилмоқда.

2026 йил учун Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) даражасида прогноз қилинмоқда.

Республика бюджети даромадлари 292,9 трлн сўмни ташкил этади, шундан 84,6 трлн сўми ҚҚС тушумлари.

Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 78,2 трлн сўм, харажатлари — 147,5 трлн сўм миқдорида белгиланган бўлиб, уларга республика бюджетидан 73,6 трлн сўм миқдорида трансфертлар ажратилади.

2026 йил учун фискал баланс тақчиллигининг чегараланган миқдори ЯИМнинг 3% и, яъни 59,9 трлн сўм даражасида белгиланмоқда.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тақчиллиги 29,3 трлн сўмни ёки ЯИМнинг 1,5% ини ташкил этади.

Бирламчи тақчиллик (давлат қарзи бўйича фоиз тўловларини ҳисобга олмаганда) 2026 йилда ЯИМнинг 0,2% ига, 2027-2028 йилларда эса 0,1% игача пасаяди.

Тақчилликни қоплаш учун давлат қарзлари, активларни хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ишлатилади.

2026 йил учун янги ташқи қарзларнинг чегараси 5 млрд доллар миқдорида белгиланмоқда (2025 йилда — 5,5 млрд доллар), шундан:

  • 2,5 млрд доллар — давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва унинг тақчиллигини молиялаштиришга;
  • 2,5 млрд доллар — инвестиция лойиҳаларига.

Давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини камайтириш учун 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозларини чиқариш назарда тутилган.