Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли муддатидан икки йил олдин қуриб битказилиши мумкин — «ЎТЙ»

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши жадвалдан илгарилаб бормоқда ва аввал режалаштирилганидан тезроқ якунланиши мумкин. Бу ҳақда 2025 йил 12 ноябрь куни Мультимодал ташувлар бўйича халқаро форум доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа компаниянинг биринчи хорижий инвестиция лойиҳаси.

«Бу „Ўзбекистон темир йўллари“нинг Ўзбекистондан ташқаридаги биринчи инвестиция лойиҳаси, дейиш мумкин. Муҳтарам президентимиз ташаббуслари ва қўшни давлатлар билан келишилган ҳаракатлар туфайли лойиҳа муваффақиятли равишда олдинга силжимоқда», — деди Раҳметов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

У қурилиш суръатлари кутилганидан юқори эканини таъкидлади.

«Темир йўл лойиҳаси бугунги кунда жадвалдан илгарилаб бормоқда. Биз уни олти йилда қуришни режалаштиргандик, аммо ҳозирги суръатларни ҳисобга олсак, тўрт йилда ҳам якунлаш мумкин», — деди.

Раҳметов, шунингдек, маршрутнинг ишга туширилиши қандай фойда беришини тушунтирди. «Биринчидан, бу Хитой ва Европа, шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатлари ўртасидаги масофани мавжуд маршрутларга қараганда 1000 км дан кўпроққа қисқартиради. Бу бизнинг жадал ривожланаётган иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри жуда кучли таъсир кўрсатади», — дея таъкидлади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг маълум қилишича, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган энг қисқа минтақавий маршрутни яратади, истиқболли Трансафғон коридори эса Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларини Покистон портлари орқали Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти билан таъминлайди ва минтақанинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада оширади.

Унинг фикрича, келажакда ушбу икки йўналиш Халқаро Транскаспий транспорт коридорининг таркибий қисмига айланиб, «Хитойдан Европагача узлуксиз мультимодал маршрутни шакллантиради».

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 декабрда Жалолободда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилган эди. «Қирғиз темир йўли» давлат корхонаси (ҚТЙ) бош директори Азамат Сакиев қурилиш тахминан 6 йил давом этиши мумкинлигини хабар қилганди.

Хитойни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган темир йўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йил давомида муҳокама қилинган. Маршрутнинг бир нечта вариантлари, жумладан, Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, ундан кейин Туркманистон, Эрон ва Туркияга ўтадиган йўналишлар кўриб чиқилган. Томонлар темир йўл изининг кенглиги, шунингдек, баланд тоғли, бориш қийин бўлган ҳудудлардан ўтадиган магистрал қурилиши нархи ва унинг маршрути бўйича келиша олмаган. Бу лойиҳа Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, халқаро транспорт коридори қурилиши «Қашғар — Тўруғарт — Мақмал — Жалолобод — Андижон» маршрутининг комбинациялашган варианти бўйича амалга оширилади.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг узунлиги 532,53 км ни ташкил этади, шундан 312 км га яқини Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Келишув шартларига кўра, Хитой қўшма корхонада 51% улушга, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улушга эга бўлади.

Лойиҳанинг дастлабки қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланмоқда. Сумманинг ярмини иштирокчи мамлакатлар ҚК даги улушларига мувофиқ ўз маблағлари ҳисобидан ажратади: Хитой 1,18 млрд доллар, Қирғизистон эса 700 млн долларга яқин маблағ ажратади. Шу билан бирга, 2025 йил 19 июнь куни Қирғизистон парламентидаги тақдимотда Ўзбекистон ва Қирғизистон 573 миллион доллардан ажратиши айтилган эди.