
Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга эга босқичига қадам қўймоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. «Бугун биз ҳақиқий бирликка ўтмоқдамиз», — деб ёзади 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви арафасида эълон қилинган «Марказий Осиё янги давр бўсағасида» сарлавҳали мақоласида.
«Минтақамизда узоқ йиллардан сўнг биринчи марта ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат муҳити шаклланмоқда, бу эса биргаликда олға бориш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда», — дея қайд этди президент.
«Биз икки томонлама масалаларни ҳал қилишдан асосий минтақавий муаммолар — иқлим ўзгариши, энергетика трансформацияси, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича биргаликда жавоб излашга ўтмоқдамиз», деб ёзган.
«Мамлакатларимиз олдида умумий масъулият, ўзаро ишонч ва келажакнинг мувофиқлаштирилган тасаввурига асосланган ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда. Шу муносабат билан биз ўз аҳамиятига кўра фундаментал саволга жамоавий жавоб беришимиз зарур: яқин ўн йилликларда Марказий Осиё қандай ривожланади?» — деб сўради Шавкат Мирзиёев.
У минтақа давлатлари ҳамкорлигининг ривожланиши «суверенитет, тенглик ва ички ишларга аралашмасликнинг мустаҳкам асосида амалга оширилиши кераклигига» эътибор қаратди. «Ҳеч ким минтақа мамлакатларига бегона моделларни тиқиштирмаслиги ёки национал тузилмалар яратмаслиги керак».
«Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ихтиёрий, прагматик ва мамлакатларимиз халқларига фойда келтирадиган реал натижаларга йўналтирилган бўлиб қолиши керак», — дея таъкидлади президент.
Тараққиёт вазифалари
Шавкат Мирзиёев минтақа тараққиётининг барқарорлиги ва динамикаси боғлиқ бўлган 5 та асосий вазифани санаб ўтди.
Биринчидан, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда давом этиш — мавжуд механизмларни мустаҳкамлаб, уларга барқарорлик ва амалий мазмун бахш этиш зарур. «Самарали минтақавий институтларсиз ҳамкорликнинг тизимли ривожланишини ва қабул қилинаётган қўшма қарорларнинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш мумкин эмас».
Иккинчидан, хавфсизлик соҳасида таҳдид ва хавф-хатарларга қарши туриш учун умумий салоҳиятни шакллантириш мақсади турибди. «Хавфсизликнинг бўлинмаслиги» тамойили асосий тамойил бўлиб қолиши керак. Шу билан бирга, минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий бирлашиб, мамлакатлар ва бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи кенг доирадаги хавф-хатарларга қарши туриш ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз салоҳиятини шакллантириши керак.
Президент Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмасдан минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш мумкин эмаслигини таъкидлади. «Бу давлат четки ҳудуд эмас, балки умумий минтақамизнинг табиий қисми. Бутун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан Афғонистоннинг тикланиши ва ривожланишига боғлиқ», — деб ёзган.
Учинчидан, иқтисодий соҳада минтақа ичидаги савдони ривожлантириш, чегарадан ўтиш тартибларини соддалаштириш ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш муҳим. Президент саноат кооперациясини фаолроқ илгари суриш, минтақавий ва минтақалараро таъминот занжирларини шакллантириш, чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш, транспорт ва иқтисодий коридорлар тармоғини кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлигини таъкидлади.
Марказий Осиё мамлакатлари «ҳамкорликнинг экологик жиҳатига — иқлим ўзгаришига мослашиш, трансчегаравий сув ресурслари ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, яшил энергетика ва паст углеродли технологияларга ўтишга» алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
«Марказий Осиё барқарор экологик ривожланиш минтақасига ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатда бўлиш намунасига айланиши мумкин ва шундай бўлиши шарт», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Тўртинчидан, гуманитар ҳамкорлик устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифадир. Умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини ошириш ва умуман ижтимоий соҳани, жумладан, туризм ва қўшма ёшлар дастурларини ривожлантириш — буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга бевосита ҳисса қўшади.
«Умумий қадриятлар, маданий яқинлик ва фаровонликка интилишга асосланган минтақавий ўзини англаш (идентитетни) шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда», — дея қайд этди президент.
Бешинчидан, ташқи сиёсатда Марказий Осиё мамлакатларининг мувофиқлаштирилган ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим йўналиш. «Ўсиб бораётган геосиёсий беқарорлик ва жаҳон куч марказлари рақобатининг кучайиши шароитида минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштириш барқарорлик ва умумий манфаатларни ҳимоя қилиш омилига айланмоқда».
Президент ўз мақоласида асосий шериклар билан прагматик алоқаларни ўрнатишда ўз самарадорлигини исботлаган «Марказий Осиё плюс» форматларини ривожлантиришда давом этиш зарурлигини ёзган.
«Ўзбекистон учун минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш — бу тактик танлов эмас, балки Марказий Осиё келажаги учун умумий масъулиятимизни англашдан келиб чиқадиган онгли стратегик йўналиш. Биз ишонч ҳосил қиламизки, глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — Марказий Осиёнинг асосий ресурси», — дейилади мақолада.
«Минтақа мамлакатлари якка тартибда енгиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва тараққиёт вазифалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал этилиши мумкин. Ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий она диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамлар манфаатларига мос келади», — деб ёзган Ўзбекистон президенти.

