Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/09/2025

Ўзбекистонда тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи илк завод ишга туширилди

Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонаси ёнида тиббиёт чиқиндиларини ёқиш ҳисобига иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи завод ўз фаолиятини бошлади.

«Кунига 3 тонна чиқинди ёқилади»

Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Жамшид Ҳасановнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 90 минг тонна тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлади. Ҳозиргача улар бошқа турдаги чиқиндилар каби махсус полигонларга олиб чиқиб кетилган.

2024 йилда «ноль чиқинди» (zero waste) тамойилига асосланган янги тартиб ва механизмларни жорий этиш режалаштирилган президент қарори имзоланган эди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, АҚШнинг Sayar компанияси мамлакатда тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи биринчи заводни ишга туширди.

«Ҳозирда бу заводга Тошкентдаги 16- ва 17-сонли шифохоналар, шунингдек, хусусий клиникалардан тиббиёт чиқиндилари етказиб берилмоқда. Завод қуввати бир суткада 20 соат давомида 6 тоннагача чиқиндини ёқиш имконини беради. Ҳозирги вақтда бир суткада 3 тонна тиббиёт чиқиндиси ёқилиб, утилизация қилинмоқда. Утилизация натижасида олинган иссиқлик энергияси 16- ва 17-сонли шифохоналарга етказиб берилмоқда», — деди мутахассис.

«Тошкент мамлакатда энг кўп чиқинди ҳосил бўладиган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шу боис кўп қаватли уйлар ёнида жойлашган чиқинди йиғиш шохобчаларида тиббиёт чиқиндилари учун алоҳида контейнерлар ўрнатиш режалаштирилган. Бу яқин вақт ичида амалга оширилади. Агар тиббиёт чиқиндилари алоҳида идишга ҳам йиғилса, уларни бу заводга олиб бориш осонроқ бўлади», — дея қўшимча қилди Жамшид Ҳасанов.

Шприцлардан тортиб ниқобларгача: ҳаммаси қайта ишланади

Чиқиндилар заводга тушганидан утилизациягача алоҳида музлатгичли хонада сақланади, дейди ECO-300 чиқинди ёқиш заводи оператори Николай Кундий.

«Биз соатига 300 кг гача чиқиндиларни, жумладан, шприцлар, ниқоблар, шиша ампулалар ва бошқаларни қайта ишлаймиз. Ўчоқ 1150 даражагача қиздирилгани учун барча тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ёниб кетади. Утилизациядан сўнг 3 фоизгача кул қолади. Биз уни махсус контейнерларга жойлаб, кейин олиб кетамиз», — деди ишчи.

Унинг сўзларига кўра, заводнинг ишга туширилиши 15 та янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Sayar Ўзбекистон бўйлаб заводлар қурмоқчи

Жамшид Ҳасанов ушбу лойиҳани нима учун АҚШнинг Sayar компанияси амалга ошираётганини тушунтирди:

«Бу каби лойиҳа таклифлари Хитой, Жанубий Корея ва Финляндиядан ҳам келган. Лекин бизни биринчи навбатда Sayar компанияси технологияси қизиқтирди. Биз уларнинг фильтрлаш ва ёқиш тизимлари хавфсизроқ эканини ҳам сездик, шунинг учун Sayar лойиҳасини танладик ва барча ускуналар океан ортидан олиб келинди», — деди агентлик вакили.

Sayar билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси икки босқичдан иборат. Компания Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи заводлар қуриши кутилмоқда.

2024–2025 йиллардаги биринчи босқич Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги барча тиббиёт муассасаларини қамраб олади. Унинг қиймати 7 миллион долларни ташкил этади ва лойиҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинмоқда. Ушбу 3 ҳудудда ҳар йили 6000 тонна тиббиёт чиқиндилари термик усулда қайта ишланади ва ускуналар йилига 20 ГВт/соат қувватга эга бўлади.

Иккинчи босқич республиканинг бошқа ҳудудларида 2026–2030 йилларда 108 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш ҳисобига амалга оширилади. Лойиҳа доирасида тиббиёт муассасаларида ҳар йили ҳосил бўладиган 90 минг тонна тиббиёт чиқиндилари утилизация қилинади ва йилига 300 ГВт/соат қувватга эга ускуналар ишга туширилади.

Жамшид Ҳасановнинг сўзларига кўра, тиббиёт чиқиндиларини самарали утилизация қилиш учун бундай заводлар бугунги кунда Олмазор туманидаги Тошкент тиббиёт академияси (ТошМИ) 2-сонли клиникаси ва Тошкент вилоятидаги Тошкент педиатрия тиббиёт институти (СамПИ) базасида ҳам қурилмоқда.