
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 15 июль куни бўлиб ўтган мажлисида патруль-пост хизмати (ППХ) ва профилактика инспекторларининг ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилишича, ҳужжат ИИВ томонидан «фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш мақсадида» ишлаб чиқилган.
У 2022 йилда Ўзбекистонда янги тузилма — маҳаллаларда ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳуқуқ-тартибот пунктлари жорий этилганини эслатди. Абдуллаевнинг таъкидлашича, бу тизим ижобий натижа берган: «Оғир криминоген вазиятга эга маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар даражасини пасайтиришга эришилди».
Ислоҳотларни давом эттириш доирасида бештагача маҳалла микроҳудудларга бирлаштирилиб, у ерда тезкор ҳаракат қилиш тизими жорий этилмоқда. Бу ҳудудларда тартибни таъминлаш учун профилактика катта инспектори ва кичик инспектори лавозимлари жорий этилди. «Бу чоралар вилоят марказларида ва оғир криминоген вазиятга эга туманларда аллақачон амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.
У шунингдек, патруль ходимлари томонидан тузилган маъмурий баённомалар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга ходимларга тушаётган юқори юклама муаммосига эътибор қаратди. Бугунги кунда Патруль-пост хизмати (ППХ) баённома тузиш ваколатига эга, бироқ улар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, транспорт хавфсизлиги бўлинмалари бошлиқлари ва профилактика инспекторларига берилган.
«Бу уларнинг иш юкламасини ошишига ва ишларни кўриб чиқишда кечикишларга олиб келмоқда. Мисол учун: фақатгина профилактика инспекторлари томонидан ҳар йили 2,5 миллиондан ортиқ маъмурий баённома тузилади», — деди.
2025 йил биринчи ярим йиллигида 76 та шаҳар ва тумандаги ППХ ходимлари 455 328 та баённома тузган. 2024 йилда бу кўрсаткич 500 мингдан ортиқ бўлган. «ППХ томонидан аниқланаётган қоидабузарликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда», — дея таъкидлади Абдуллаев.
Шу билан бирга, унинг қайд этишича, метро, темир йўл транспорти ва шаҳар кўчаларида ишловчи ППХ ходимлари хавфсизлик қоидалари ёки ЙҲҚ бузилишлари учун баённома расмийлаштириш ваколатига эга эмас. Бу, унинг сўзларига кўра, «ваколатли шахслар етиб келгунга қадар вақтинча ушлаб туришга тўғри келаётган фуқароларнинг асосли шикоятларини» келтириб чиқармоқда.
Қонун лойиҳаси нималарни таклиф қилади?
Ушбу муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ИИВ қуйидагиларни таклиф қилади:
- катта ва кичик профилактика инспекторларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқини бериш;
- жамоат тартибини сақлаш хизмати раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, ППХ бўлимлари раҳбарлари, муҳим топшириқлар бўйича инспекторлар, катта инспекторлар, жамоат тартибини сақлашни таъминлаш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, батальон, бригада ва отряд командирлари ҳамда уларнинг ўринбосарларига ҳам худди шундай ваколатларни бериш;
- ППХ ходимларининг ваколатларини кенгайтириш — уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қатор моддалари, жумладан 113-модда 4-қисми (темир йўл изларидан белгиланмаган жойларда ўтиш), 114-модда (темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 115-модда (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 138-модда (пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш) бўйича маъмурий материалларни тузиш ва кўриб чиқиш ҳуқуқини бериш.
Қайд этиш жоизки, МЖТКнинг 138-моддаси «пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш сигналларига бўйсунмаслиги, улар томонидан қатнов қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, телефондан фойдаланиши, китоб ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ва аудиоматериалларни тинглаши, шунингдек, пиёдалар қатнов қисми бўйлаб, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланаётганда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек, скутер, мопед ва велосипедларни бошқараётган, якка тартибдаги ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган, от-араваларни бошқараётган ва йўллардан фойдаланаётган бошқа шахслар томонидан йўл ҳаракатини тартибга солиш сигналларига бўйсунмаслик, йўл белгилари талабларига, тақиқловчи ёки кўрсатувчи йўл белгиларига риоя қилмаслик»ни назарда тутади.
Бекмурод Абдуллаевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши «ҳуқуқбузарликлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, баённомалар бўйича қарор қабул қилишни тезлаштиришга, ППХ иши самарадорлигини оширишга, шунингдек, инспекторларнинг ваколатлари доирасидаги фаолиятини қонунийлаштиришга» имкон беради.
Депутатлар саволларсиз ва бир овоздан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. Энди у Сенатга юборилишидан олдин иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилиши керак.
2025 йил май ойи охирида Сенат ИИО ва Миллий гвардия ходимларига бўйсунмаслик учун минимал жаримани 5 баробар (375 минг сўмдан 1,87 млн сўмгача) оширишни назарда тутувчи қонунни маъқуллаган эди. Тузатишлар бошқа, жарималар билан боғлиқ бўлмаган нормаларни ҳам ўз ичига олган. Қонуннинг бўйсунмаслик учун жарималарга бағишланган қисми қуйи палатада трансляциясиз кўриб чиқилган эди.