
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва инфратузилмани яхшилаш, шунингдек, йўллардаги тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўткахжи. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Давлат раҳбари бу соҳада ҳал этилмаган кўплаб масалалар қолаётганини таъкидлади. Жумладан, мамлакатда йўл-транспорт ҳодисаларидан кўриладиган зарар ЯИМнинг ўртача 0,4 фоизини ташкил этмоқда.
2024 йили 9364 та ЙТҲ содир бўлган бўлиб, уларда қарийб 9000 киши жабрланган. Авариялар натижасида 2203 киши ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қайд этилган.
Бир қатор туманларда оғир оқибатли авариялар кескин қисқарган. Хусусан, Мўйноқ, Нукус, Тахтакупир, Қанликўл, Янгиобод, Тўрақўрғон, Оққўрғон, Сайхунобод, Булоқбоши, Улуғнор, Бандихон туманларида, шунингдек, Оҳангарон, Ширин, Нурафшон ва Ханабод шаҳарларида йўлларда бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмаган.
Бироқ, Қизилтепа, Уйчи, Пахтачи, Чуст, Тайлоқ, Ургут, Шавот, Пастдарғом, Яккабоғ, Қўшкўпир, Ханқа, Денов, Пешкун, Беруний, Олмазор ва Бектемир туманларида тескари ҳолат кузатилмоқда.
Шавкат Мирзиёев соҳага масъул мутасаддиларга Ўзбекистон аҳолисининг 100 минг кишисига тўғри келадиган ўлим ҳолатлари сони бўйича МДҲ давлатлари орасида энг паст ўринлардан бирини эгалласа-да, бу хотиржамликка берилишга сабаб эмаслигини маълум қилди.
«Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда битта одам ўлмоқда. Ўртача ҳар куни 6 киши вафот этмоқда — бу барчани жиддий ташвишга солиши керак», — деди президент.
Давлат раҳбари «ҳоким ва ЙҲХБ ходимлари йўл инфратузилмасини ривожлантириш билан биргаликда жиддий шуғулланган жойларда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини» қайд этди.
Масалан, хабарда қайд этилишича, Чуст орқали ўтувчи D-105 (Фарғона ҳалқа йўли)нинг 6 км қисмида ҳимоя тўсиқлари ўрнатилгани туфайли бу йил бирорта ҳам ўлим билан боғлиқ авария содир бўлмаган — илгари бу участкада ҳар йили 10 га яқин одам ҳалок бўларди.
2015 йилда Ўзбекистонда ЙТҲлардан кўриладиган йўқотишлар ЯИМнинг 2,8 фоизини ташкил этгани хабар қилинган эди. Аҳолининг 100 минг кишисига тўғри келадиган ЙТҲдан ўлим кўрсаткичи 11,32 кишини ташкил этган. Бу маълумотлар Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга оширилган «ТРАСЕКА (Европа — Кавказ — Осиё транспорт коридори) — Йўл ҳаракати хавфсизлиги II» лойиҳаси доирасида олинган.
«Бу лойиҳанинг бошқа иштирокчи давлатлари орасида паст кўрсаткичлардан биридир. Лекин бу катта суммалар бўлиб, уларни қисқартириш мақсадга мувофиқ бўларди», — деган эди ўшанда лойиҳа эксперти Сербиядан Деян Йованов. Унинг таъкидлашича, масалан, Швецияда бу кўрсаткич 3 кишини (100 минг аҳолига) ташкил этади.
БМТ Европа иқтисодий комиссияси томонидан эълон қилинган «Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги шарҳи» маълумотларига кўра, Ўзбекистон бўйича маълумот манбаларига қараб, ЙТҲлардан кўриладиган ижтимоий-иқтисодий харажатлар ЯИМнинг 2,6 фоизидан 3,8 фоизигача ўзгариб туради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тайёрланган «Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларининг иқтисодий баҳоси» тадқиқот ишида 2021 йилда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларининг қиймати қарийб 1,9 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 2,8 фоизини ташкил этган.
Бутун Европа минтақасида, ЕИК таснифига кўра Марказий Осиё ҳам киради, ЙТҲлардан кўриладиган иқтисодий йўқотишлар минтақа ЯИМнинг 0,4 фоизидан 4,1 фоизигачани ташкил этади.