
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга сенатор сўровини юборди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Мобил қурилмаларни IMEI-код бўйича рўйхатдан ўтказиш амалиёти 2019 йилдан жорий этилган, 2024 йилдан бошлаб эса уларни Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий божхона декларацияси тўлдирилиши керак. Агар декларация тўлдирилмаган бўлса, қурилмани UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун унинг божхона қийматининг 30% миқдорида тўлов талаб қилинади.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммолар ва бюрократик мураккабликлар кенг муҳокама қилинмоқда. «Uzimei.uz, My.gov.uz сайтлари ва Birda иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш имконияти чекланганлиги сабабли баъзи ҳолларда хизматлар нархи сунъий равишда оширилмоқда», — дея қайд этилди Сенатда.
«Иккинчи SIM-карта учун алоҳида IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш талаби, шунингдек, бу тартибни фақат қурилма дастлаб рўйхатдан ўтган жойда амалга ошириш зарурати фуқаролар учун қўшимча қийинчиликлар ва ортиқча молиявий харажатлар келтириб чиқармоқда», — дея таъкидланади сўровда.
Сенатор вазирдан 10 кун ичида онлайн рўйхатдан ўтказишдаги техник муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, иккинчи IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш бўйича бюрократик талабларни юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан асосли тушунтириш беришни сўради.
IMEI-рўйхатдан ўтказиш атрофидаги муаммолар
Ҳукумат қарори билан жорий этилган мобил қурилмаларни IMEI-код бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими дарҳол жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди, чунки рўйхатдан ўтказиш механизми мураккаб ва бунинг учун тўлов талаб этилади.
Бу янгилик мобил қурилмалар эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аппаратлардан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш мақсадлари билан асослаб берилган эди.
Бир неча ой ўтгач — 2020 йил февраль ойида — жамоавий мурожаатлар порталида IMEI рўйхатдан ўтказиш йиғимини бекор қилиш тўғрисида петиция пайдо бўлди. Қонунчилик палатаси қўмитаси масалани ўрганишни бошлаганини хабар қилган эди. Ўрганиш якунлари бўйича қўмита ҳукумат қарорлари (№847 ва №778) билан тасдиқланган қоидалар асосида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш амалиётини давом эттиришни «мақсадга мувофиқ ва асосли» деб топди. Қонунчилик палатаси ҳукуматга ҳисоботда кўрсатилган таклифлар ва камчиликларни инобатга олишни ҳамда тизимни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришни тавсия қилди.
Ўша йили IMEI-кодларни бошқа шахсларнинг паспорт маълумотларига рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жанжалдан сўнг (бунинг натижасида кўплаб фуқаролар ўз қурилмаларини ўз номларига рўйхатдан ўтказа олмадилар) тизим оператори рўйхатдан ўтказиш тартибини ўзгартирди — рўйхатдан ўтказишда телефон рақами ариза берувчи номига мобил операторда расмийлаштирилган бўлиши керак эди.
2024 йил охиридан бошлаб Ўзбекистонга янги мобил қурилма олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш керак, акс ҳолда қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда бож тўлашга тўғри келади.
Ўзбекистонда мобил қурилмалар сотувчилари одатда битта IMEI-кодни рўйхатдан ўтказадилар, иккинчисини рўйхатдан ўтказиш учун эса, агар харидор уни тўғридан-тўғри дўконда амалга оширишни хоҳласа, қўшимча тўлов қилиши керак. Ижтимоий тармоқларда куни кеча божхонада телефонни декларация қилишни унутганлар учун IMEI рўйхатдан ўтказиш хизматлари нархи қурилма қийматига қараб 30-40 доллардан 100-250 долларгача ошгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.