
2025 йил биринчи ярим йиллигида Тошкентда тиланчилик билан шуғулланаётган 1880 нафар шахс аниқланди (бу қонун билан тақиқланган), деб хабар берди пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.
Фақат июнь ойида тезкор-профилактик тадбирлар давомида 300 га яқин шахс аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Хусусан:
- 70 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддаси (тиланчилик, 15 суткагача қамоққа олиш) бўйича ҳибсга олинди;
- 47 нафар шахс жаримага тортилди;
- 68 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, суд огоҳлантируви берилди;
- 44 нафар бола Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига топширилди;
- 15 нафар шахс шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли реабилитация марказига юборилди;
- 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 127-1-моддаси (маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган тиланчилик, озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилди;
- қолган шахслар бўйича текширув давом этмоқда.
«Тиланчиликни ўзига касб қилиб олганлар нафақат мамлакатимиз обрўси ва шаънига путур етказаётгани, балки сайёҳларнинг давлатимиз ҳақидаги таассуротларига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани сир эмас», — дейилади ИИББ хабарида.
Тиланчилик учун жазо
Ўзбекистонда маъмурий ва жиноий жавобгарлик 2019 йил январь ойида жорий этилган эди. Тиланчилик, яъни жамоат жойларида «пул, озиқ-овқат ва бошқа моддий бойликларни фаол сўраш» учун уч базавий ҳисоблаш миқдоригача (хабар эълон қилинган пайтда – 1,125 млн сўм) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.
Вояга етмаган, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликка чалинган шахсларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчиликка жалб қилиш, шунингдек, шахсларни алкоголли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситалари ёхуд психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг интеллектуал-иродавий фаолиятига таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаш йўли билан тиланчиликка жалб қилиш бешдан ўн БҲМгача (1,875 млн сўмдан 3,750 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Агар бу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, шунингдек такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларида; бошқа шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаш билан содир этилган бўлса, бу Жиноят кодексининг 127-1-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка олиб келади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.