
2025 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 31,3 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15%га (4,1 млрд долларга) ошди. Бу Статистика миллий қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди.
5 ойда экспорт 14,8 млрд долларга етиб, 31,1%га ўсди, импорт эса 16,5 млрд долларни (+3,7%) ташкил этди. Экспортнинг жадал ўсиши туфайли ташқи савдонинг салбий сальдоси 4,6 млрд доллардан 1,68 млрд долларгача камайди, бу асосан олтин ҳисобига амалга ошди.
2025 йил май ойида 1 млрд долларлик олтин экспорт қилинди. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида олтин экспорти 6,5 млрд долларга етди. Қимматбаҳо металлнинг умумий экспортдаги улуши 37,1%дан 43,8%га ошди.
2025 йил май ойидаги савдо
Бир ойда экспорт ҳажми 2,9 млрд долларни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 16,8%га кўпайди. Бир ойда импорт 3,8 млрд долларни ташкил этиб, 6,5%га ошди.
Шу билан бирга, ой давомида энергетика маҳсулотлари экспортининг ўсиши сезиларли даражада тезлашди – хусусан, энергия ташувчилар экспорти 58,9%га ўсди. Хизматлар экспортининг ўсиш суръатлари аввалги ойдаги 33,2%дан 19,8%гача пасайди.
Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт ўсиши 9,6%ни ташкил этди, бироқ олтин, энергия ташувчилар ва хизматларни ҳисобга олмаганда, экспорт 1,1%га қисқарди, дея қайд этди иқтисодчи Миркомил Ҳолбоев.
Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари Хитой (умумий айланмадаги улуши 17,2%), Россия (15,4%), Қозоғистон (5,7%), Туркия (3,5%) ва Корея Республикаси (2,3%) бўлиб қолмоқда.
Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо уруши фонида Хитойдан импорт юқори суръатларда ўсишда давом этмоқда. Хусусан, бир ойда Хитойдан импорт 16%га ўсди. Шунингдек, Россиядан (+23%), Германиядан (+55%), Ҳиндистондан (+69%) импортнинг сезиларли ўсиши кузатилмоқда.
Шу билан бирга, Жанубий Корея (-44%) ва АҚШ (-49%) каби мамлакатлардан ойлик импорт қисқарди.
Хитойдаги ички талаб ва савдо урушининг таъсири бу мамлакатга экспортнинг иккинчи ойдирки пасайишига олиб келди. Хусусан, бир ойда Хитойга экспорт 17,2%га қисқарди. Шунингдек, Туркияга (-18,8%) ва Тожикистонга (-6,2%) экспорт камайди.
Шу билан бирга, Францияга экспорт 68,4%га, БААга эса 2,4 баробар ошди.
Энергия ресурслари
Ўзбекистон беш ойда 874,9 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,2%га кам. Бензин етказиб бериш ҳажми деярли ўзгармади – 710,2 млн доллар (+0,8%).
Нефть маҳсулотлари экспорти шу даврда 2024 йил январь-май ойларига нисбатан 212,4 млн долларгача (-6,2%) камайди.
Мамлакатга кўмир импорти ўсиб, 78,5 млн долларга етди (+6,7%), бошқа мамлакатлардан электр энергияси етказиб бериш эса 65,3 млн долларгача (-9,6%) қисқарди. Шу билан бирга, электр энергияси экспорти кескин 72,6%га – 95,6 млн долларгача ўсди.
Ўзбекистон газ импортини сезиларли даражада – 285,5 млн долларгача қисқартирди, бу ўтган йилнинг 5 ойидаги кўрсаткичдан (643,2 млн доллар) 2,2 баробар кам.
Шу фонда газ экспорти 62,7%га – 288 млн долларгача ўсди. Шу билан бирга, агар ўтган йилги ҳисоботда 59,9 млн долларлик газ экспорти ҳақида сўз юритилган бўлса, янгиланган ҳисоботда бу кўрсаткич 177 млн долларни ташкил этди. Шундай қилиб, 117,1 млн долларлик ҳақиқий газ экспорти божхона декларациялари бўйича тасдиқланмади.
Бошқа маҳсулотлар савдоси
Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қисқаришда давом этмоқда, беш ойда унинг ҳажми 1,05 млрд долларни (-18%) ташкил этди. Бу тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, тўқимачилик ипи ва матолари – 665,8 млн доллар (-24,5%), тўқимачилик толалари – 40 млн доллар (-23,2%) етказиб беришнинг камайиши ҳисобига юз берди. Шу билан бирга, 47% тайёр тўқимачилик маҳсулотларига, 33% эса ипга тўғри келади.
Шу билан бирга, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сабзавот ва мевалар экспорти қиймат жиҳатидан кескин ўсиб, 619,6 млн долларга етди (+47,9%). Етказиб беришнинг жисмоний ҳажми 741 минг тоннагача (+2,8%) ошди. Ўзбекистон энг кўп экспорт даромадини ловия – 158,5 млн доллар (+2,1 баробар), пиёз – 55,2 млн доллар (+25,1%), қуритилган узум – 53,6 млн (2,6 баробар) ва карам – 19,5 млн доллар (+13,9%) экспортидан олди.
Дон ва улардан тайёрланган маҳсулотларнинг чет элга етказиб берилиши (асосан Афғонистонга экспорт қилинади) 226,9 млн долларгача (+49%) ошди, Ўзбекистонга импорт эса бироз ўсди – 386,6 млн доллар (+6,6%).
Ўзбекистон шакар импортини (қиймат жиҳатидан) – 198,9 млн долларгача (-15,5%) камайтирди, аммо гўшт ва гўшт маҳсулотлари – 268 млн доллар (+66,1%), қаҳва, чой, какао ва зираворлар – 187,1 млн доллар (+19,8%), сут маҳсулотлари ва тухум – 117,3 млн доллар (+53,7%), тирик ҳайвонлар – 44,6 млн доллар (+7,8%), ўсимлик ёғлари ва мойлари – 178,4 млн доллар (+46,5%) импортини оширди.
Тиббий ва фармацевтика маҳсулотлари импорти ҳажми 776,1 млн долларни (+0,5%) ташкил этди.
Хизматлар экспорти (саёҳатлар, транспорт, телекоммуникация хизматлари ва бошқалар) 21,9%га – 3,25 млрд долларгача ошди. Унинг катта қисми туризмга – 1,63 млрд доллар (улуши 50,2%), транспортга – 1,14 млрд доллар (35,2%) тўғри келади.
Хизматлар импорти 38,6%га – 1,7 млрд долларгача ўсди, туризмга 931,1 млн доллар (улуши 54,9%) тўғри келади.