Ўзбекистонда кичик АЭС учун илк ишлаб чиқариш бинолари қурилиши бошланди

2025 йил 15 апрель куни Жиззах туманида Россияда ишлаб чиқилган РИТМ-200Н реакторлари асосида амалга оширилаётган кичик қувватли атом электр станцияси лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж базасини (ҚМБ) барпо этиш ишлари бошланди. Бу ҳақида Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик маълумотига кўра, ҚМБ бутун энергия блоклари қурилиши даврида инфратузилманинг асосий элементига айланади ҳамда маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш хоналари, омборлар ва йирик йиғув цехлари учун майдонларни тақдим этади.

Лойиҳа «Росатом» томонидан ишлаб чиқарилган Россия технологияси асосида амалга оширилмоқда. Жиззах туманида умумий қуввати 330 МВт бўлган 6 та энергия блоклари (ҳар бири 55 МВт) қурилиши режалаштирилган. Бош пудратчи сифатида «Атомстройэкспорт» АЖ иштирок этмоқда, шунингдек, маҳаллий пудратчилар ҳам жалб этилмоқда.

АЭС қурилиши дирекцияси директори ўринбосари Отабек Омоновнинг таъкидлашича, лойиҳа амалга оширилиши «жамиятнинг максимал очиқлиги ва хабардорлигини таъминлаб, барча томонлар ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди».

«РИТМ-200Н реактори асосидаги бу кичик қувватли АЭС ишончли ва экологик тоза энергия манбаига айланади. Унинг ихчамлиги, хавфсизликнинг юқори даражаси ва самарадорлиги РИТМ-200Нни минтақанинг барқарор энергетик ривожланиши учун идеал ечимга айлантиради», — деди у.

«Атомстройэкспорт» компаниясининг Ўзбекистондаги АЭС қурилиши лойиҳаси директори Павел Безруков маълум қилишича, «Росатом» инжиниринг дивизиони станция учун ҳужжатлар тайёрлаш ишларини давом эттирмоқда.

«Россиянинг АСММ лойиҳаси Ўзбекистонни келгуси ўн йилликлар давомида кафолатли электр энергияси билан таъминлайди ва минтақа ривожи учун энергетик база бўлади», — деди у.

Ўзбекистондаги кичик АЭС сув-сув ядровий реактори РИТМ-200 асосида қурилади. Бу реактор илгари атом муз ёриш кемаларида қўлланган ва денгизда фойдаланиш учун тажрибада синовдан ўтган (референтли) деб ҳисобланади. Аммо РИТМ-200Н (н — наземная, яъни ердаги) реакторли ерда қуриладиган АЭС ҳали бунгача қурилмаган ва тўлиқ референтли ҳисобланмайди. Бундай лойиҳа 2024 йилда Якутияда амалга оширила бошланган. Шунингдек, мазкур технология аввал фақат совуқ ҳудудларда ишлатилган.

Ўзбекистон мазкур технология учун тажриба майдонига айланмасми, деган саволга жавобан, «Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмадхўжаев аввалроқ шундай деган эди:

«Фарқи нима? Менга, оддий фуқаро сифатида, тушунтиринг. Фарқи нима — у сувда ёки ерда ишлайдими. Бу реактор станцияга жойлаштирилади ва аслида, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни бир хил — у буни атом флотида қиляптими, ерда қиляптими, фарқи йўқ».

«Бу технология аллақачон ерда қўллаш учун мослаштирилган. Ўзбекистонда янги технология синашади, деган фикр нотўғри. Бу янги технология эмас. У аллақачон қўлланилган, шу боис ҳам уни референтли деб аташади», — деб таъкидлаган Аҳмадхожаев.

Унинг сўзларига кўра, фарқ шундаки, аввал флотда қўлланган реакторлар ерда фойдаланиш учун мослаштирилган, аммо ишлаш тамойили ўзгармаган.

2025 йил март ойи охирида Президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда катта қувватли атом электр станциясини жойлаштириш ва қуриш масаласи ҳам муҳокама қилинган эди. Илгарироқ «Росатом» ва «Ўзатом» томонидан йирик АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари кун тартибига қўйилган.