Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари январь ойида Россия фуқароларини алдаш орқали пул ундириб келган йирик фирибгарлик тармоғини аниқлади, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ). Бу ҳақида «Ўзбекистон 24» телеканали репортаж намойиш этди.
Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида туғилган (1986 йил) шахс ўз раҳбарлиги остида Россия фуқароларининг пулларини ноқонуний ўзлаштириш билан шуғулланувчи жиноий тузилма ташкил этган.
Ушбу жиноий гуруҳ 32 нафар шахсдан иборат бўлиб, улар Фарғонадаги икки ва Тошкентдаги бир колл-марказлари орқали фаолият юритган.
Фирибгарлар интернет орқали биологик фаол озуқавий қўшимчалар (БФОҚ) сотиб олган Россия фуқароларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда иш юритган. Колл-марказ «оператор»лари ўзларини тергов органлари ходимлари сифатида таништириб, БФОҚ сотувчилари томонидан етказилган гўёки маънавий зарарни қоплаш мақсадида товон пули тўлаб беришни ваъда қилган.
Жиноий гуруҳнинг бир қисми эса ўзини Россия Федерацияси Молия вазирлиги вакиллари сифатида кўрсатиб, даромад солиғини тўлаш эвазига компенсация ажратилишини ваъда қилган. Пул қайтарилиши учун фирибгарлар Россия фуқароларидан ўзлари кўрсатган банк карталари реквизитларига маълум миқдорда маблағ ўтказишни талаб қилишган.
Ҳозирда 32 нафар шахс қўлга олинган. Гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан тил бириктириб амалга оширилган фирибгарлик) ва 278−2-моддаси (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.