Депутатлар жамоат транспорти йўлакларида ҳаракатланиш учун жарималарни камайтиришди

Транспорт учун ажратилган йўлак

Ўзбекистонда жамоат транспорти ва махсус транспорт воситалари (тез ёрдам, ўт ўчириш машиналари) учун мўлжалланган йўлаклар бўйича ҳаракат қилганлик учун жарималар жорий этилиши кутилмоқда. Бу сешанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йил 14 январь кунидаги йиғилишида қабул қилинган қонунда назарда тутилган. Ҳужжат Сенатнинг маъқуллаши учун юборилган.

Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларида жамоат транспорти воситалари учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш ва тўхташ тақиқланган. Унга фақат белгиланган чизиқли белгилар бор жойларда бурилиш ёки йўловчиларни тушириш ва олиш учун кириши мумкин (жамоат транспортига ҳалақит бермаган ҳолда). Бироқ, ушбу қоидаларни бузганлик учун жарима миқдори аввал белгиланмаган эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларда ҳаракат қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни белгилайдиган нормалар киритилмоқда.

128−7 модданинг таклиф этилаётган янги таҳририга кўра, биринчи марта қоидабузарлик учун жарима миқдори дастлаб 3 базавий ҳисоблаш миқдорида (1.125 миллион сўм), бир йил давомида такрорланса 5 базавий ҳисоблаш миқдорида (1.875 миллион сўм) белгиланиши таклиф қилинган.

Шу модданинг учинчи қисмида қўшни ҳудуддан чиқиб, жамоат транспорти йўлаги орқали ҳаракатланганда, жамоат транспортига йўл бермаган ҳайдовчиларга 1 базавий ҳисоблаш миқдори (375 минг сўм) жарима қўллаш таклиф қилинган.

Бироқ, депутат Улуғбек Қобуловнинг айтишича, жарималар миқдорини камайтиришга қарор қилинган (қанчага камайтирилгани йиғилишда айтилмаган) ва модданинг учинчи қисми чиқариб ташланган, чунки бу қоида йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилмаган ва амалиётда тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Депутатнинг қайд этишича, Нью-Йорк (АҚШ)да жамоат транспорти йўлакларида ҳаракат учун жарима миқдори 50 дан 250 долларгача, Францияда — 35 дан 135 еврогача, Германияда — 135 еврогача, Беларусда — 12 ва 24 доллар (биринчи ва такрорий ҳуқуқбузарлик учун), Қозоғистонда — 7 ва 70 долларни ташкил этади.

Шунингдек, мазкур йўлаклардан фақат оператив ва махсус хизмат машиналарига ҳаракат қилишга рухсат этилади. Қўшни ҳудуддан чиқиш ёки кириш учун 50 метр ичида ёки чизиқли белгиларгача йўлакка кириш мумкин. Бу ҳолда жамоат транспорти ҳаракатига тўсиқ бўлмаслиги шарт. Бундан ташқари, йўловчиларни тушириш ва олиш учун ўнг йўлакка ўтишга рухсат берилади.

Декабрь ойида Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов жазо жорий қилиш таклифини танқид қилган ва ҳайдовчиларга бир вақтнинг ўзида икки жарима (йўл белгиларини бузиш ва ажратилган йўлакка кириш) тўлашга тўғри келиши мумкинлигини билдирган эди.

Шу сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига (пиёдалар йўлакларида ҳаракатланиш, йўл белгилари талабларини бузиш ва бошқа қоидалар) аниқлик киритилди. Унга кўра, ажратилган йўлакларда ҳаракат қилиш учун фақат янги 128−7 моддаси бўйича жарима қўлланилади.